Juma, 26.04.2024, 10:27

Приветствую Вас Mehmon | RSS

Главная » 2014 » Yanvar » 15 » 16 йил уйқудан сўнг ноёб қобилият билан уйғонган аёл (Ҳаётий воқеа)
00:22
16 йил уйқудан сўнг ноёб қобилият билан уйғонган аёл (Ҳаётий воқеа)
Ташхис - Летаргик уйқу.

Британ олимларининг фикрича, тахминан 4 фоиз инсонлар аслида ўлмас, шунчаки летаргик уйқуга кетар экан. Бу ҳолат кўпчилик учун абадий уйқуга айланиб қолаяпти. Неча йиллардан бери инсонларни ўйлантириб келаётган бу жумбоқни ечишга замонавий илм-фан ожиз. Хаттоки айрим давлатларда қабрдаги инсонни уйғонганини “эшитадиган” турли техник қурилмалар ихтиро қилинди. Ўтказилган тадқиқотларга кўра, аксар ҳолларда қандай инсонлар летаргик уйқу қурбонларига айланиши маълум бўлди.

Туркистонлик Назира Рустемова ҳам ана шундай ҳолатга дуч келди, аммо Аллоҳнинг иродаси билан яна ҳаётга қайтди…

Айни пайтда Москвада яшаётган Назира Рустамова гарчи ҳеч қаерда ўқиб-ўрганмаган бўлса-да, ғаройиб суратлар чизади, инглиз тилида шеърлар ёзади, инсонларни ноанъанавий усуллар билан даволайди. У бу қобилиятларнинг барчасига 16 йиллик уйқудан кейин эга бўлган.

Назира 4 ёшлигида уйқуга кетди ва кўзини очганида 20 ёшда эди. Энг қизиғи, у уйғонганида 4-5 ёшли қизалоқ кўринишида бўлган.

Назира Рустамованинг уйида меҳмонда бўлиб, бу феномен-аёл билан суҳбатлашишга муваффақ бўлдик. 16 йил летаргик уйқуда бўлган аёл ўзининг ғайриоддий ҳаёти ҳақидаги саволларимизга жавоб берди.

“Тириклай” кўмилган қизалоқ

- Назира опа, бу ҳолат қандай юз берди?

- Тўрт ёшимда уйқуга кетганман. Қандай бўлганини эса эслай олмайман, чунки жуда кичкина эдим. Яқинда 48 ёшга кираман, аммо унинг 16 йилини уйқуда ўтказдим. Ўзим Туркистоннинг тоғли қишлоғида туғилганман. Онамнинг сўзлаб беришича, болалигимда кучли бош оғриғидан азоб чекканман. Бир куни офтоб уриб хушимни йўқотгач, мени вилоят шифохонасига олиб боришган. Шифохонада бир хафта беҳуш ётганман. Менда ҳаётлик аломатларидан ҳеч қандай белги кўринмагач, шифокорлар “ўлганимга” иқрор бўлишган ва ота-онам таъзия очиб кўмишган. Аммо шу куни отамнинг тушига бобом кириб, улар жуда оғир гуноҳ қилгани, яъни мени тириклай кўмишганини ҳабар қилган. Отам дарҳол қабристонга бориб қабримни очишган ва тириклигимни кўришган: мен деворга суяниб ўтирган ҳолатда ётган эканман.

Отамнинг айтишича. Ҳатто устимдаги кафаннинг баъзи жойлари йиртилган экан. У шу заҳотиёқ тирик эканлигимга ишонч ҳосил қилиб, мени аввал вилоят шифохонасига, кейин эса Тошкентдаги илмий-тадқиқот институтига олиб боришган. Шу ерда 16 йил махсус “қалпоқ” остида уйғонгунимга қадар ётганман.

- Ухлаганингизда тушми, ёки бирон нималарни кўрдингизми?

- Кўрганларим туш эмасди, мен у ерда яшадим. Катта бобом билан учрашдим. Бобомни яхши танийсиз – Ахмад Яссавий, у XII асрнинг буюк суфий-шоири. Мен унинг ўн тўртинчи авлоди бўламан. Мен у ерда бобом билан суҳбатлашдим, боғ ва кўлларни айландим. “Ўша вақт”да бутунлай бошқа, чинакам дунёда эдим. Менга авлиё аждодларим ҳаёт ҳикматларини ўргатишди, турфа хил ҳаётларни, коинотни, сайёраларни кўрсатишди. Баъзиларида ҳатто бўлганман ҳам. Лаҳзада бир жойдан иккинча жойга кўчардим, бутун олам билан гаплашардим… У ер жуда яхши эди.

- Қайта “дунёга келишингиз” қандай юз берди? Қандай уйғондингиз?

- 1985 йилнинг 29 августида телефон овозидан уйғондим. У узоқ ва тинимсиз жарангларди. Мен мендан бошқа ҳеч ким трубкани олмаслигини, туриб бориб трубкани кўтаришим кераклигини тушундим. Туриб телефон ёнига борарканман, радиодан Валерий Леонтьевнинг куйлаётганини эшитдим: «Всплывает радость сквозь туман и как во сне…» Телефон қўшни хонада жиринглаётган экан. У ерда институт ходимларидан бири ўтирган экан. Мени кўриб, ҳаммалари ҳайратдан донг қотиб қолишган бўлса керак.

- Тўрт ёшингизда телефон нималигини билармидингиз? Умуман, уйқугача бўлган даврингиздан нималарни эслай оласиз?

- Деярли ҳеч нарса, чунки жуда кичик эдим. Фақатгина бобомни менга дуоларни ўргатгани хотирамда қолган. У пайтда на ўқиш-ёзишни, на рус тилида гапиришни билардим. Табиийки, ўша пайтлар тоғдаги қишлоқда ҳеч қачон телефон бўлмаган. Ҳеч қачон Леонтьевнинг қўшиғини эшитмаганман. Аммо уйғониш вақтимда телефон ҳақида ҳамма нарсани, ва эшитган қўшиғимни ёддан билардим.

Телепатия, левитация ва бошқалар…

- Демак, уйғонганингиздан кейин оддий инсон учунимконсиз бўлган ғайриоддий қобилият ва билимларга эга бўлгансиз…

- Ҳа. Мен ётган барокамерадан қандай қилиб ўтганимни кўриб шифокорларнинг ақли шошиб қолди. Чунки барокамерада ёпиқ ва бутунлигича турарди. Аммо мен қўшни хонадаги телефонни олиш учун барокамерадан чиқиб девордан ҳам ўтганман. Буларни кўрган тошкентлик мутахассислар Москвага қўнғироқ қилишиб, уларнинг бемори 16 йиллик уйқудан уйғониб ақл бовар ҳодисаларни содир этаётганини маълум қилишди.

Москвада мен билан кўплаб психологлар, парапсихологлар шуғулланишди, қобилиятларимни ўрганишди, имтиҳон қилишди. Мени бир жойдан иккинчи жойга, турли давлатларга олиб боришди, телекўрсатувларда кўрсатишди. Ўша пайтда мен учун бу янги олам мутлақо тушунарсиз ва ҳайратли эди. Мени ота-онам билан “таништиришганда” улар менга нима учун кераклигини билмаганман. Бундан ташқари, ҳамма мендан шундай ҳавотирланардики, ҳатто онам мени руҳий шифохонада жойлаштиришни таклиф қилган. Отам эса мени ҳарқанча қамаб, боғлаб қўйса ҳам фойдаси йўқлигини, барибир девордан ўтиб кетишимни айтганлар.

- Яна қандай қобилиятларга эга эдингиз ва бу имкониятларни юзага келишини ўзингиз қандай изоҳлайсиз?

- Мен левитация қила олардим – чин маънода ердан узилиб уча олардим. Табиат тилини, ҳайвонлар тилини, бутун борлиқ тилини билардим, телепатик мулоқот қила олардим. Охиргиси ҳалигача сақланиб қолган. Фақат авваллари ёнимда турган кишининг фикрини уқиш ва у нима деб жавоб беришимни билиши учун биргина қарашим етарли эди. Ҳозирда эса бу сал қийинлашди, энди эса диққатимни жамлашимга тўғри келаяпти. Уйғонганимдан кейинги илк йилларда пулга эҳтиёж сезсам, уни пайдо қила олардим. Бу қобилиятим ҳам тахминан беш йиллардан буён “ёпилди” .

Шахсан ўзимни ҳам ҳайратлантирадиган ҳолат, мени телепортация қила олишим –муҳитга кўчишим. Бу ҳолат менда сўнгги марта 2009 йилда содир бўлганди. Келинг яхшиси, бу ҳақда умр йўлдошим Сергей гапириб бера қолсин: - Бу шундай юз берганди. Биз Назира билан автобусда кетаётгандик. Мен бекатда тушиб қолдим, у эса метрогача кетди. Мен йўлни кесиб ўтиб бир идорага кирдим. Киришда “Тушлик” деб ёзилган лавҳача осилган экан. Шу пайт ортга ўгирилганимни биламан, қарасам, рўпарамда Назира турибди. У қандай қилиб бирдан пайдо бўлиб қолди, ҳайратда қолдим. Чунки уни автобусда қолганини, эшик ёпилиб автобус жилганини ўз кўзим билан кўргандим-ку! Яна унга қўл силтаб хайрлашгандим…

- Сизда бу ҳолат қандай юз берди, Назира опа?

- Мен автобусда Сергей билан метрогача бордим. Кейин метрога бориб зинадан тушаётиб, бирдан хужжатларим, пулим, жетон солинган сумкача Сергейда қолгани эсимга тушди. Билмайман, бу қандай бўлди – менда битта жуда кучли хоҳиш – сумкачамни олиш истагида эдим. Бундан ташқари, Сергейнинг қаердалигини билмасдим, аммо уни топишим керак эди. Шу ҳиссиётлар билан унинг ёнида бўлиб қолдим. Тўғрироғи, бир жойдан “йўқолиб” бошқа жойда пайдо бўлдим. Аммо, афсуки, мендаги телепортация қобилияти 3 йил аввал йўқолди. Ўша вақтларда менда моддийликдан хеч нима бўлмаган кўринади. Мен руҳийликда бўлганман. Кейинчалик мени гўшт, нон ва бошқа нарсалар билан озиқлантиришди, шу тариқа борган сари жисмоний танага “кириб” бора бошладим.

Руҳий ва жисмоний ҳолат ҳақида

- Назира опа, сиз митти қизалоқ бўлиб уйқуга кетиб,уйғонганда етук аёлдек уйғонгансиз, шундайми?

- Йўқ, уйқуда вақтимда 20 ёшга кирган бўлишимга қарамай, болакай бўлиб уйғондим. Тўғри, 16 йил мобайнида 28 сантиметрга ўсдим. Кейин эса қисқа вақт ичида ўз ёшимдагидек тезда шаклландим. Кўриб турганингиздек, туғилган кунимдан ҳисобланадиган бўлса, ҳозир ёшимга нисбатан айнан мос кўринаман. Аммо болалик йилларимни ўтказиб юборганим учунми, ҳалиям ўзимни ёш боладек ҳис қиламан.

- 16 йиллик уйқу мобайнида оёқларда ҳаракатланишингиз чекланиб қолмадими?

- Агар инсон ойлаб ҳаракатсиз ётса, танадаги мушакларининг ҳаракати чекланади ва юришни қайтадан ўрганишига тўғри келишини биламан. Аммо менинг ҳеч бир мушагим “қотгани” йўқ, мен ҳатто ўйламай ҳам туриб юриб кетганман.

- Назира опа, мактаб, институтда ўқиганмисиз?

- Йўқ, албатта, ва бунга хожат ҳам бўлмаган. Агар менда қандайдир савол туғилса, шу заҳоти юқоридан — ахборот қатламидан жавоби келади. Буни бошқача тушунтира олмайман. Айтиб ўтганимдек, аввалига деярли ҳамма тилда ўқиш ва ёзишни билардим. Тўғриси, ҳозир кўпчилигини унутдим, балки амалда қўлламаганим учун бўлса керак. Айни пайтда рус, ўзбек, қозоқ, тожик ва араб тилларида сўзлайман ва ёзаман. Инглиз тилида ҳалигача ёзаман, аммо ёзганларимни ўқий ва тушуна олмай қўйдим. Қўпчилик менинг аввалги барча билимларим ва қобилиятларимни қайтариш мумкин, дейишади. Ўзим ҳам бунга катта умид
боғлаганман…

- Бу ғаройиб тақдирингиз ҳақида ўзингиз қандай фикрдасиз?

- Бу менинг қисматим. Асосийси – инсонларга ёрдам бериш ва улар қанча меҳр ва илиқликни сингдиришга тайёр бўлсалар, шунча меҳр хадя этишдир. Ҳузуримга қатъий мурожаат билан инсон келган заҳоти, дуолар билан бирга қувватим ишга тушади. Бундан ташқари, менга ҳамиша кўринмас руҳларим ёрдам беради. Албатта, бу инсоннинг ҳузуримга қандай мақсадда келганлиги билан боғлиқ. Баъзан унга бор кучимни сарфлашимга тўғри келса, баъзида бир оғиз сўзим кифоя қилади. Аммо энг ажойиби – ниманидир мен орқали содир бўлаётганини англашдир. Ахир, мен боғловчи бўлиб қолаяпман.

Иноятдан маҳрумликми?

Назира Рустамова кейинги йилларда ўз вужудининг яна баъзи ҳислатларини пайқади: унинг жисмоний танаси на иссиқдан, на совуқдан қўрқмайди. Шундан бери Назира опа қишин-ёзин фақат енгил кўйлакда ва оёқ яланг юради. Бироқ унинг бу ҳаракатига пойтахт тартиботи ходимлари алоҳида “эътибор” билан қаради, натижада Назира опа икки марта полицияда “бўлиш”ига тўғри келди.

48 ёшни қаршилаётган Назира опанинг 16 йили уйқуда ўтди. Аммо айнан ўша йиллар уни ғайб оламдан бохабар этди. Аждодларидан Назира опага ноёб қобилиятлар мерос бўлди, аммо унинг “дунёвийлашиб” кетиши оқибатида баъзи қобилиятлар йўқолди. Ҳозирда сақланиб қолганларидан бири — инсонларни ноанъанавий усуллар билан даволашдир.

Назира опанинг бугунги кундаги ҳолати қандай бўлишидан қатъий назар, унинг бошидан ўтганларининг ўзи рад этиб бўлмас ҳақиқат. Шу фактнинг ўзиёқ, унга феномен аёл сифатида эътибор қаратишимизга арзийди. Ахир, бу қисмат ҳаммага ҳам насиб этавермайди.

Сўнгги сўз ўрнида

Мақолани ёзиб бўлиб ҳам кўнглим тинчимади. Назира опа билан учрашувимизга неча вақт бўлдики, бу ғаройиб аёл ҳақидаги мулоҳазалар онгимни тарк этмаяпти.

Ғалати таассурот қолдирган яна бир жиҳат: бир вужудда икки инсонда кўрганим бўлди. Суҳбат давомида гоҳ ёш боладай қувноқ, содда ва беғубор феъли, гоҳида эса ғайриоддий ҳаётининг ўзига ҳос машаққатларида “пишган” аёлнинг мунгли кўзлари кўз олдимда қолиб кетди. Унинг болаларча феъли аслиятию, сўзлардаги дард дунё ташвишларидан “орттирма”сими?!

Ўз вақтида олимлар Назира Рустамовани қобилиятларини ўрганиш учун у ердан бу ерда ҳаддан зиёд судрашган. “Тажрибадаги қуён” сингари текширувлардан безиган аёлнинг “дунёвийлашиб” кетишига сабаб шудир балки?! Бу ҳақида Назира опа оғиз очмади, ярасига туз сепмаслик учун мен ҳам сўрагани ботинмадим. Ғайриоддий қисматли ўзбек феномен-аёли бугун унутилган. У фан учун керакли бўлган вақтида рус хукумати томонидан тақдим этилган уйда умр йўлдошию, қизалоғи билан сокин ҳаёт кечирмоқда…

… Назаримда, қайтиш ва қайтариш учун биргина йўл бордек: тавба. Яна ҳам Аллоҳ билади!
Категория: Dunyo Yangiliklari! | Просмотров: 1100 | Добавил: akmal | Рейтинг: 0.0/0
Всего комментариев: 0
Добавлять комментарии могут только зарегистрированные пользователи.
[ Регистрация | Вход ]