|  Тўй ярашар юрт бўлса обод, Куй ярашар кўнгил бўлса шод.
 Аммо ёмон кўпайди, ҳайҳот –
 Кимни кўрма, бугун қўшиқчи.
 Ёши ўтган раққоса борми,
 Режессёрми ёки актёрми,
 Заргар, табиб, ҳатто атторми,
 Кимни кўрма, бугун қўшиқчи.
 Кимлар эди кеча сухандон,
 Бугун улар ҳофизу хушхон.
 Қўшиқчида кўпми шараф-шон,
 Кимни кўрма, бугун қўшиқчи.
 Дуппа-дуруст шоир, даҳолар,
 Ҳофизман деб қилар
 даъволар.
 Ўзи куйлаб, ўзи баҳолар,
 Кимни кўрма, бугун қўшиқчи.
 Қолиб кетди бир четда
 кетмон,
 Қўшиқ айтар тўйма-тўй
 деҳқон.
 Ашулачи боғбон-у чўпон,
 Кимни кўрма, бугун қўшиқчи.
 Куйлар бугун жўшиб ташмачи,
 Куйлар безори-ю ўғри,
 босмачи.
 Куйлар ҳатто бузуқ, қўшмачи,
 Кимни кўрма, бугун қўшиқчи.
 Билмас нима дегани – Устоз,
 Билмас нима соз, овоз, пардоз.
 Яна ўшалар зўр, ўшалар
 мумтоз,
 Кимни кўрма, бугун қўшиқчи.
 Қабрида тик турар
 Маъмуржон,
 Суяклари қақшар Жўрахон.
 Лол-у ҳайрон эмиш Комилжон,
 Кимни кўрма, бугун қўшиқчи.
 |